Ўзбекистон делегацияси расмийлари Қозон шаҳрига етиб боришди
Россия мезбонлик қилаётган I “Келажак ўйинлари” мусобақасида иштирок этаётган Ўзбекистон делегациясининг асосий қисми Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов бошчилигида Қозон шаҳрига етиб борди. Расмийлар беллашувлар ўтказилаётган майдонларни кўздан кечириб, иштирокчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди.
Уларга Ўзбекистон фижитал спорт федерацияси раиси Олег Пекос ҳамроҳлик қилди. Мутасаддилар фижитал-хоккей баҳслари ўтказилаётган “Татнефть арена”да бўлиб, ўйинлар қандай кечаётганига шахсан гувоҳ бўлишди. Қайд этиш жоиз, ушбу спорт турида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган «Феникс» жамоаси бугун мезбон “Ак Барс” билан баҳс олиб боради. Ўз навбатида, Адҳам Икрамов бўлажак баҳсларда юртдошларимизга омад тилаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан соат 21:00 да тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.