Ру En O'z
20 Февраль 2024 987

Тошкент “Катта дубулға” турнирига тайёргарлик муҳокама қилинди

Хабарингиз бор, 1-3 март кунлари Тошкент дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирига мезбонлик қилади. Мусобақа Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари учун йирик рейтинг очколарини тақдим этади. Айни пайтга келиб турнирда иштирок этиш учун 69 мамлакатдан 450 нафарга яқин спортчи рўйхатдан ўтди. Бугун МОҚда мазкур мусобақага тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, шунингдек, федерация масъуллари иштирок этишди.

Ойбек Касимов мамлакатимиз бир неча йиллардан бери Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) байроғи остида ўтаётган бундай нуфузли мусобақаларни юқори савияда ташкил этиб келаётгани, бу сафар ҳам уни аъло даражада ўтказиб, юртимизнинг бу борадаги имкониятларини яна бир карра кўрсатиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, Азизжон Камилов беллашувларга мезбонлик қиладиган “Ҳумо арена”нинг тайёргарлиги, меҳмонларга яратиладиган шароитлар, виза, транспорт ва логистика, трансляция масалалари бўйича ҳолатни ўрганиб, иш самарадорлигини ошириш бўйича керакли тавсияларни берди.

Йиғилиш давомида терма жамоамиз аъзоларининг тайёргарлигига ҳам тўхталиб ўтилди. Расмийлар дзюдочиларимизнинг юқори натижа қайд этишлари орқали Олимпиада рейтинги учун зарур очколарни жамғариши муҳимлигини қўшимча қилишди. Суҳбат давомида яна бир қатор йўналишлар борасида мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech