Ру En O'z
14 Февраль 2024 1003

Дзюдочи қизларимиз энди япониялик мураббий қўл остида шуғулланишади

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасида япониялик мураббий Мики Танака иш бошлади. Бу ҳақида мамлакат дзюдо федерацияси маълум қилди. Мутахассис бугун терма жамоа билан Боку “Катта дубулға” турнирига жўнаб кетди.

М.Танака аёллар терма жамоасига жалб қилинган. Бу орқали дзюдочи қизларимизни Тошкент “Катта дубулға” турнири, шунингдек, жаҳон чемпионати ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш кўзда тутилган. Мутахассис ўзбек дзюдосининг қайд этаётган улкан натижалари, қолаверса, Ўзбекистонда Илиас Илиадис, Марко Шпитка каби кучли мутахассислар ишлаётгани боис терма жамоадан тушган таклифга қизиқиш билдирганини таъкидлади.

Маълумот учун, Мики Танака 1987 йилнинг 20 октябрь санасида таваллуд топган. Спортчилик фаолияти давомида -63 кг вазн тоифасида иштирок этиб, жаҳон чемпионатларида 1 тадан олтин, кумуш ва бронза, “Мастерс” мусобақасида 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган. Шунингдек, унинг ҳисобида “Катта дубулға”, Гран-при таснифидаги мусобақаларда ҳам кўплаб медаллар мавжуд. Бунга қадар Исроил терма жамоасида мураббийлик қилган.

Text to speech