Ру En O'z
14 Февраль 2024 15328

Париж-2024: Футбол баҳсларида иштирок этадиган 16 жамоадан 12 таси маълум. Улар қайсилар?

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари доирасида ўтадиган футбол беллашувлари учун саралаш даври якунига етиб бормоқда. Ҳозирга келиб, Олимпиадада қатнашиши кўзда тутилган 16 жамоадан 12 тасининг номи маълум. Эркаклар ўртасидаги квалификация 15 апрель – 3 май кунлари Қатарда ўтадиган U23 Осиё кубогидаги сўнг деярли якунланади. Регламентга кўра, унда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан тўри Париж-2024 йўлланмасига эга чиқишади. Тўртинчи ўрин эгаси Африкадаги “қисматдоши” (Гвинея) билан сўнгги йўлланма учун кураш олиб бориши қолади. Келинг, шу ўринда ҳозиргача йўлланмани нақд қилиб қўйган жамоаларни эслаб ўтсак:

Мезбон: Франция;
Марказий ва Шимолий Америка: АҚШ, Доминикан Республикаси;
Европа: Испания, Исроил, Украина;
Африка: Марокаш, Миср, Мали;
Океания: Янги Зеландия;
Жанубий Америка: Парагвай, Аргентина.

Олимпиададан четда қолган юлдузлар. Сўнгги икки Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган Бразилия бу гал 4 йилликнинг энг муҳим стартида қатнашмайди. Гарчи бу ёш тоифасида “пентакампеонлар” сафида етарлича истеъдод эгалари топилса-да, улар кўпроқ Европадаги клубларининг манфаатини устун қўйишди.

Шунингдек, бутун бошли Англия терма жамоаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин. 2023 йил U21 ёш тоифасидаги лицензион Европа чемпионатида бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормасдан чемпион бўлган бу жамоа ХОҚ таркибида бўлмагани учун Олимпиадага бора олмайди. Шу тариқа, Эмиль Смит-Роу, Коул Пальмер, Энтони Гордон, Кёртис Жонс, Харви Эллиотт каби номлар учун Париж-2024 Олимпиадасининг эшиклари ёпилган.

Маълумот учун, Англия, Шимолий Ирландия, Шотландия ва Уэльс спортчилари Олимпия ўйинларида Буюк Британия байроғи остида иштирок этади. Аммо, Бирлашган қироллик ФИФАнинг расмий аъзоси бўлмагани учун Англиянинг чемпионлиги лицензион турнирда ўйналган йўлланмаларга таъсир қилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Қатар мезбонлик қиладиган Осиё кубогида Малайзия, Вьетнам ва Қувайт билан “D” гуруҳдан ўрин олган. Ушбу гуруҳ ғолиби чорак финалда “С” гуруҳининг иккинчи ўрин эгаси билан куч синашади. Иккинчи бўлиб гуруҳдан чиққан жамоа эса “С” гуруҳ ғолиби билан ярим финал йўлланмаси учун курашни давом эттиради. “С” гуруҳидан эса Саудия Арабистони, Ироқ, Таиланд ва Тожикистон ўрин эгаллаган. Шубҳасиз, йигитларимиз гуруҳда фаворит. Футболчиларимиз қолган босқичларда ҳам рақибларга қараганда бир бош устун бўлиб, узоқ кутилган Олимпиада йўлланмасига эга чиқишларига ишонамиз.

Text to speech