МОҚ қошидаги Тиббиёт маркази янги техникалар билан жиҳозланди
Жорий йилнинг 5 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш бўйича муҳим топшириқлар берилган эди. Улар орасида спортчиларнинг тиббий таъминотига жиддий аҳамият бериш, уларни чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказиш, зарур витаминлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Шу боис МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида (РСТИАМ) мазкур вазифалар ижроси юзасидан кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Бугун Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев Марказда реконструкция қилинган стационар бўлимни кўздан кечиришди. Уларни РСТИАМ директори Камолиддин Сирожитдинов қарши олди.
Бўлим замонавий техникалар ва шинам мебеллар билан жиҳозланган. Бу ерда нафақат спортчилар балки ҳамюртларимиз ҳам муолажа олишлари мумкин. РСТИАМ директори О.Касимов ва М.Ташходжаевга Марказда амалга оширилган ўзгаришлар, атлетлар учун яратилган янги шароитлар, стоматология ва бир қатор тор доирадаги мутахассислар учун яратилган замонавий қулайликлар ҳақида маълумот берди.