Туркиянинг Белек шаҳридаги ишчи гуруҳ хорижлик мураббийлар билан олдиндаги режаларни муҳокама қилди
МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ айни пайтда Туркиянинг Белек шаҳрида йиғин ўтказаётган байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг машғулотларини кузатишда давом этади. Бугун у спортчи ва мураббийлар билан олдинда турган режалар юзасидан суҳбат ўтказди.
Қайд этиш жоиз, Туркия йиғинидан хорижлик мураббийлар, хусусан, болгариялик Андриан Доучев ҳамда венгриялик Наташа Доучев-Янич терма жамоага жалб қилинган. Суҳбат давомида атлетларни йирик мусобақалар, хусусан, апрель ойида Японияда ўтадиган Париж-2024 лицензион турнирига пухта тайёрлаш, машғулотларда мазкур спорт туридаги замонавий методикаларга ёндашиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, жамоадаги муаммо ва камчиликлар ҳам кўриб чиқилди. Шерзод Ташматов спортчиларни чуқурлаштирилган тиббик кўрикдан ўтказиш масаласига ҳам тўхталди. Бу борада жамоа шифокори ва мураббийлар штаби ишчи гуруҳни мазкур йўналишдаги режалар, терма жамоа аъзоларининг саломатлиги ҳақидаги маълумотлар билан таништирди.