Бу йилги Тошкент халқаро марафонида иштирокчи давлатлар сони 32 тага етади
21 апрель куни ўтадиган BYD – VI Тошкент халқаро марафони жорий йил пойтахтимизда ўтадиган йирик оммавий спорт тадбирларидан бири ҳисобланади. Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида мазкур мусобақага олиб борилаётган тайёргарлик юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Миллий Олимпия қўмитаси, Енгил атлетика бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси мутасаддилари ва ОАВ ходимлари қатнашди. Тадбирда сўз олган федерация раиси ўринбосари Камолиддин Усмонов бу каби оммавий спорт тадбирларини ўтказиш мамлакатимиз аҳолиси, хусусан, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этишини билдирди. Шундан сўнг федерация бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов ташкилий жараён, трасса, иштирокчи давлатлар, мукофот жамғармаси, рўйхатдан ўтиш тартиби ва шу каби асосий масалалар бўйича тақдимот ўтказди.
Унга кўра, VI Тошкент халқаро марафони мамлакатимизда ташкил этиладиган ягона World Athletics Label даражасидаги тадбир ҳисобланади. Бу гал иштирокчи давлатлар географияси кенгайиб, 32 мамлакатдан моҳир югурувчилар баҳс олиб бориши кутилмоқда. Дастурга кўра, пойгалар марафон (42 км, 195 метр), ярим марафон (21 км), шунингдек, 3 ва 10 км масофаларга югуриш йўналишларида ўтказилади. Қолаверса, унинг доирасида болалар учун “Kids Run” ва скандинавча юриш бўйича беллашувлар ҳам ташкил этилиши кутилмоқда. Яна бир аҳамиятли томони, бу йил соврин жамғармаси 720 миллион сўмга оширилмоқда.
Анжуман давомида ОАВ ходимлари қатнашиши кутилаётган таниқли спортчилар, допинг синамалари, тадбир олдидан ташкил этиладиган пресс-тур ва унга кўнгиллиларни жалб қилиниши каби мавзуларда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.