Ру En O'z
5 Февраль 2024 998

Саблячиларимиздан сермаҳсуллик, рапирачи йигитларимиз ҳам шоҳсупага кўтарилишди

Ортда қолган ҳафта қиличбозларимиз учун ҳам омадли ниҳоясига етди. Жаҳон кубоги босқичларида иштирок этган ёшлар терма жамоаларимиз юқори натижаларни қайд этишди.

Хусусан, Болгариянинг Пловдив шаҳрида кечган йигитлар ва қизлар ўртасидаги сабля баҳслари муваффақиятли ўтди. Айниқса, қизларимиз жамоавий дастурда олтин медалга сазовор бўлишгани алоҳида аҳамиятли. Гулистан Пердибаева, Фернанда Эррера, Наргиза Жаксибаева ҳамда Самира Шокировадан иборат жамоамиз дастлаб Канада ва Польша жамоаларини, сўнг ярим финалда Италия ва финалда франциялик қизларни мағлубиятга учратишга эришди. Яккалик баҳсларида Самира Шокирова бронза медали билан тақдирланди.

Йигитларимиз ҳам мусобақада сермаҳсул иштирок этишди. Жамоавий дастурда ярим финалда Италияга мағлуб бўлган жамоамиз бронза медали учун жангларда Венгриядан устун келди. Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Зуҳриддин Қодиров эса яккалик дастурида кумуш медални қўлга киритди.

Шунингдек, Хорватиянинг Загреб шаҳрида рапира қуролида ўтган баҳсларда ҳам юртдошларимиз шоҳсупага кўтарилишди. Ярим финалгача етиб борган йигитларимиз жамоавий дастурда бронза медали учун баҳсда гонконглик тенгқурларини устидан ғалаба қозондилар.

Text to speech