Ру En O'z
2 Февраль 2024 809

Лицензион қитъа биринчилиги олдидан Осиё оғир атлетика федерациясининг Конгресси ўтказилди

Бугун пойтахтимизда старт олаётган оғир атлетика бўйича қитъа биринчилиги доирасида Осиё оғир атлетика федерациясининг навбатдаги Конгресси ўтказилди. Тадбирда Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF), Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон МОҚ, Осиё оғир атлетика федерацияси раҳбарияти иштирок этишди.

Конгрессни IWF президенти Муҳаммад Жалуд очиб берди ва Тошкент яна бир бор ташкилий жиҳатдан мусобақага аъло даражада тайёргарлик кўргани, меҳмонлар учун барча шароитлар яратиб берилгани ҳақида тўхталди. Ўз навбатида, Спорт вазири Адҳам Икрамов давлатимиз томонидан оғир атлетика спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталди. Шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов Ўзбекистон томони чемпионатга жиддий тайёргарлик кўргани ҳақида гапириб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг сўнгги 1 йил давомида ҳар бир йўналишда амалга оширган ишлари таҳлил қилиниб, олдинда турган мусобақалар ва бошқа спорт тадбирларига кўрилаётган тайёргарликлар муҳокама қилинди. Хусусан, 2025 йил ўтадиган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги қитъа биринчилиги Ҳиндистон, катталар ўртасидаги баҳслар мезбонлиги эса Хитой давлатига ишониб топширилди.

Тадбир давомида расмийлар ўзаро ҳамкорликнинг янги режалари хусусида фикр алмашишди.

Text to speech