Осиёнинг энг кучли оғир атлетикачилари Тошкентда жам бўлишди
Эртага пойтахимизда оғир атетика бўйича Осиё чемпионати старт олади. Қитъамизнинг 34 мамлакатидан 239 нафар спортчи иштирок этадиган мазкур мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир бевосита беллашувларга мезбонлик қиладиган “Юнусобод спорт мажмуаси”нинг ўзида ўтказилди.
Анжуманда Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Осиё оғир атлетика федерацияси Бош котиби Муҳаммад Ал Харби ва ОАВ вакиллари қатнашишди.
Тадбирда мусобақанинг аҳамияти, жамоаларнинг тайёргарлиги ҳақида батафсил маълумот берилди. Унинг Париж-2024 Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши чемпионатга бўлган қизиқишни янада оширган. Шаҳрулло Шарипович ҳозирда бор эътибор максимал даражада Олимпия ўйинлари лицензияларини қўлга киритишга қаратилгани, бу борада давлатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилаётганини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақага Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Озарбайжоннинг Боку шаҳрида тайёргарлик кўрган бўлса, қизларимиз сўнгги машғулотларни Чирчиқда давом эттиришмоқда.