Ру En O'z
27 Январь 2024 703

Сирдарёдаги спорт таълим муассасалари ўрганилиб, муаммоли мавзулар юзасидан сайёр қабул ўтказилди

Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Намангандан сўнг Сирдарё вилоятида бўлиб, бир қатор спорт таълим муассасалари ва спорт иншоотларининг фаолиятини ўрганди. Жумладан, соҳа мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳ Янгиер шаҳрида барпо этилаётган футбол академияси ва Гулистон шаҳридаги стадионнинг қурилиш ишлари билан танишди.

Шунингдек, Гулистондаги “Алпомиш” спорт мажмуаси, сув спорти, гимнастика, яккакураш ва спортнинг ўйин турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолияти ўрганилиб, у ерда спортчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Шундан сўнг, 2023 йил давомида Гулистон Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида эришилган ютуқлар ҳамда 2024 йилги режалар тақдимоти кўриб чиқилди.

Ўрганиш якунида, спорт соҳасига оид жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича сайёр қабул ташкил этилди. Унда йўлланган мурожаатларнинг айримлари жойида ҳал қилиниб, муддат талаб қиладиган масалалар қатъий назоратга олинди.

Text to speech