Ру En O'z
26 Январь 2024 974

МОҚ раҳбарияти жиззахлик ёш спортчилар учун яратилган шароитларни ўрганди

МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов спорт соҳасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлишди. Мутасаддилар дастлаб Жиззах Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюриб, у ерда ёш спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Машғулот заллари, ётоқхона, тиббиёт бўлимлари ва ошхоналарни кўздан кечиришди.

Шундан сўнг вилоят енгил атлетика ва спорт ўйинлари бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, янги қурилган “Беш ташаббус аренаси” ҳам кўздан кечирилди. Сафар давомида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ж.Ўктамов ва соҳа вакиллари билан 2023 йил сарҳисоби, 2024 йил режалари бўйича учрашув ҳам ўтказилди. Суҳбат давомида вилоятдан Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган атлетларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳолатини доимий назорат қилиб бориш бўйича келишиб олинди.

Шунингдек, расмийлар Жиззах шаҳрида ташкил этилган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг финал баҳсларини кузатиб, тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этишди. Якунда мураббийлар штабига ёшлар ва асосий терма жамоага номзод иқтидор эгаларини ўқув-машғулот йиғинларига жалб қилиш, селекция ишларини кучайтириш бўйича ўз тавсияларини беришди.

Text to speech