Гимнастикачиларимиз Тошкентда янги мавсумга тайёрланишмоқда
Жорий йил Тошкент бадиий ва спорт гимнастикаси бўйича лицензион Осиё чемпионатларига мезбонлик қилади. Ҳозирда ҳар икки йўналишдаги терма жамоаларимиз ушбу стартларга қизғин тайёргарлик кўряпти. Иккала дастурда ҳам халқаро мусобақалар февраль ойидан бошланади ва атлетларимиз машғулотлар давомида янги элементлар ижроси устида ишлашмоқда.
Париж-2024 лицензиати Тахмина Икромова алоҳида дастур асосида шуғулланаётган бўлса, гуруҳ машқида гиламга чиқадиган қизларимиз ҳам ўз маҳоратларини ошириб боришмоқда. Оксана Чусовитина бошчилигидаги спорт гимнастикаси бўйича аёллар терма жамоамиз аъзолари ҳам ўз ижроларини такомиллаштиришяпти. Йигитларимиз эса бугун халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиш учун Грузияга йўл олишди ва тайёргарликнинг қолган қисмини Тбилисида ўтказишади.