Адҳам Икрамов терма жамоаларнинг тайёргарлиги ва РСТИАМда очилган янги реабилитация бўлими билан танишди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида терма жамоаларимизнинг Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия, шунингдек, Тошкент-2025 ёшлар ёзги Осиё ва Пара Осиё ўйинларига олиб бораётган тайёргарлиги, Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш жараёни муҳокама қилинди. Учрашувда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари раҳбарияти, шунингдек, соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Даставвал, 4 йилликнинг энг муҳим мусобақаси бўлмиш Париж-2024 га олиб борилаётган тайёргарлик муҳокама марказида бўлди. Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталарининг мутасаддилари бу борада терма жамоаларнинг ҳозирлиги, қўлга киритилиши кутилаётган йўлланмалар сони бўйича маълумот беришди. Ўз навбатида, вазир Адҳам Икрамов ҳар бир жамоанинг тайёргарлигини назорат қилиш муҳимлигини билдирди.
Бугунги кунга келиб, пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасида иш қизғин кечмоқда. Қурилаётган барча объектларда металл-конструкция ишлари якунланган. Мутахассислар ҳар бир мажмуа Италия, Германия, АҚШ, Хитой ва бошқа илғор мамлакатлар ишлаб чиқарадиган анжомлар билан жиҳозланиши, шаҳарча кейинчалик ўзбек спорти учун илмий-амалий машғулотлар марказига айланиши ва унинг ривожини янги босқичга олиб чиқишда ягона кластер бўлиб хизмат қилишини таъкидлашди. МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов мусобақа дастуридан ўрин олиши кутилаётган спорт турлари ва уларнинг йўналишлари бўйича маълумот берар экан, бу борада Осиё Олимпия кенгаши билан изчил иш олиб борилаётгани ҳақида қўшимча қилди.
Замонавий спортда терма жамоаларни йирик комплекс мусобақаларга тайёрлашда спорт тиббиёти, хусусан, диетология, фармакология, реабилитация каби йўналишларнинг ҳам ўрни катта. Шундан келиб чиқиб, Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ)да янги ўзгаришларга қўл урилмоқда. Мутасаддилар бугун Марказда фойдаланишга топширилган янги реабилитация бўлимини кўздан кечиришди. РСТИАМ директори Камол Сирожитдинов ушбу бўлим барча керакли техникалар билан жиҳозлангани, спортчиларнинг тикланиш жараёнини ва уларнинг янги ғалабалари учун хизмат қилишини қўшимча қилди. Адҳам Илҳамович янги режаларни юқори баҳолаб, иш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча тавсиялар берди.