Ру En O'z
4 Июнь 2021 2205

Қўл жанги усталарига жаҳон чемпионатида омад тилаймиз!

Пойтахтимизда қўл жанги бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати старт олмоқда. 5-7 июнь кунлари “Юнусобод спорт комплекси”да ўтадиган дунё биринчилигида 30 мамлакатдан 200 нафардан ортиқ моҳир қўл жанги усталари баҳс олиб боришади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг асосий вазифаси мамлакатимизда Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўлибгина қолмай, соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни тарғиб қилиш, юртимиз ёшларини жисмоний тарбия ва спортга жалб қилишдан ҳам иборатдир. Қолаверса МОҚ бу йўналишда ҳар қандай лойиҳаларни қўллаб қувватлайди.

Бу борада қўл жанги ёш авлодни жисмонан етук ва мард қилиб тарбиялашда, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари таркибидаги ҳарбийларимизнинг жанговар тайёргарлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Ишонамизки, илк бор пойтахтимизда ўтказиладиган мазкур жаҳон чемпионати қўл жангининг юртимизда янада оммалашишига хизмат қилиб, муҳтарам Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзи тарғиботида катта туртки бўлади.

Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон қўл жанги федерациясининг келгуси фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб, олдинда турган мусобақани юқори савияда ўтказиб олишини, оммавий спорт тарғиботи йўлида доимо ҳамкорликка тайёр эканини билдириб қолади.

Text to speech