Ру En O'z
5 Январь 2024 1141

Осиё кубоги: Кимда U-23 жамоасидан энг кўп ўйинчи, таркибдаги олимпиячиларимиз ва мураббий фикри

Роппа-роса 1 ҳафтадан кейин Қатар яшил майдонларида футбол бўйича Осиё кубоги старт олади. Қитъамизнинг энг сара жамоалари беллашадиган мусобақага Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон Миллий терма жамоаси ҳам катта ҳозирлик кўряпти. Яна 4 ойдан сўнг Қатарга йиғилган аксарият жамоалар U-23 ёш тоифасида Париж-2024 йўлланмалари учун кураш олиб боришади. Ушбу мақолада Осиё кубогида қатнашаётган жамоаларнинг U-23 нуқтасида кесишадиган жиҳатлари ҳақида гаплашамиз.

Аввало, Катанец асосий жамоага Олимпия терма жамоамиздан (ОТЖ) жалб қилган йигитлар ҳақида тўхталиб ўтсак. Таркибга ОТЖнинг 7 нафар ўйинчиси киритилган. Булар:
Муҳаммадқодир Ҳамралиев ("Пахтакор")
Диёр Ҳолматов ("Пахтакор")
Абдувоҳид Неъматов ("Насаф")
Ҳожимат Эркинов ("Пахтакор")
Аббосбек Файзуллаев (ЦСКА)
Абдуқодир Ҳусанов ("Ланс")
Зафармурод Абдираҳматов ("Насаф")

Ўзбекистон U-23 терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе бўлажак ўйинлар олдидан МТЖ ва шогирдларига омад тилаб, мусобақа олдидан қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

“Осиё кубогида терма жамоамиздан фақат ғалаба кутамиз. Йигитлар яхши ўйин кўрсатиб, мухлисларимизни ва халқимизни хурсанд қилади, деган умиддаман. Футболчилар ва мураббийларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, жамоамиз совринли ўринни эгаллаб қайтишларини тилайман ва ишонаман. Ҳар бир чизиқда катта рақобат мавжуд ва асосий таркибга муносиб ўйинчилар жамланган. Мусобақа мен учун ёшларимизнинг ўйинини кузатиш нуқтаи назаридан икки карра қизиқ. Бош мураббий уларга имконият бериши билан йигитлар ўзларини яхши томондан кўрсатиб, ғалаба учун ҳисса қўшишга тайёр”.

Катанец ОТЖ футболчиларидан энг кўп фойдаланаётган мураббийлардан. Қуйидаги статистикада қайси мамлакат Осиё кубогига U-23 жамоасидан қанча ўйинчи жалб қилгани билан танишамиз:

Индонезия – 11
Тожикистон – 10
Вьетнам – 8
Ўзбекистон – 7
Ироқ – 7
Қирғизистон – 7
БАА – 7
Саудия Арабистони – 5
Сурия – 4
Жанубий Корея – 4
Япония – 4
Австралия – 3
Баҳрайн – 3
Гонконг – 3
Таиланд – 3
Фаластин – 2
Қатар – 2
Ҳиндистон – 2
Эрон – 2
Иордания – 2
Ливан – 2
Малайзия – 2
Ўмон – 1
Хитой – 1

“В” квартетидан жой олган жамоамизнинг гуруҳ босқичини тақвимини яна бир бор эслатиб ўтсак:

13 январь: Ўзбекистон – Сурия (22:30, Тошкент вақти)
18 январь: Ҳиндистон – Ўзбекистон (19:30)
23 январь: Австралия – Ўзбекистон (16:30)

Қайд этиш жоиз,15 апрель – 3 май кунлари қитъанинг энг кучли 16 жамоаси Осиё чемпионлиги ва Париж-2024 йўлланмалари учун Қатарда кураш олиб боради. Миллий терма жамоа билан Осиё кубогида иштирок этадиган олимпиячиларимиз бу каби мусобақаларда ўзларининг маҳоратлари, халқаро майдондаги тажрибаларини яна бир карра ошириб олишлари, шубҳасиз. Бўлажак беллашувларда футболчиларимизга омад тилаймиз!

Text to speech