Ру En O'z
3 Июнь 2021 2278

МОҚнинг узоқ йиллик ҳамкори Анвар Авазхўжаев 75 ёшда!

Бугун профессионал фотограф ва оператор, ўз ишининг фидойи инсонларидан бири Анвар Авазхўжаев 75 ёшни қарши олди.

Анвар Авазхўжаев 1946 йил Тошкентда туғилган. Бу инсон Ўзбекистон МОҚ ташкил топгандан бери Қўмита билан яқин ҳамкорлик қилиб келади. Шу пайтгача Ўзбекистон делегацияси билан 6 та ёзги ва 1 та қишки Олимпия ўйинларида, шунингдек, Осиё ўйинлари ва бошқа бир қатор йирик мусобақаларда делегациямиз билан иштирок этган. МОҚ медиасининг архивидан жой олган аксарият қимматбаҳо материалларнинг ижодкори ҳисобланади. Фаолияти давомида “Ўзбектелефильм” студиясида операторлик қилиб, 400 дан ортиқ ҳужжатли фильмларни ишлаган ва уларнинг 50 дан ортиғи ўзбек спортига оиддир.

Ўзбек спортининг тарихини шакллантириб бораётган бундай инсоннинг таваллуд куни бугун муносиб нишонланди. МОҚда ўтган тадбирда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги Қўмита раҳбарияти, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси спорт бошқармаси бошлиғи Баҳодир Тожиев иштирок этишди.

Тадбирда мутасаддилар сўз олиб Анвар Авазхўжаевнинг узоқ йиллик фаолияти, ўзбек спортида қилгани ишлари учун ташаккур айтиб, эсдалик совғаларни топширишди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Анвар Авазхўжаевни таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech