Ру En O'z
25 Декабрь 2023 1295

Ўзбек дзюдосида йил сарҳисоби: Муроджон Йўлдошев ва Диёра Келдиёрова энг яхши деб топилди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг 2023 йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда якунига етиб бораётган йилда қайд этилган натижалар эсга олиниб, янги Олимпия йили учун режалар кўриб чиқилди. Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон дзюдо федерацияси раҳбарияти, шунингдек, Илиас Илиадис бошчилигидаги дзюдочиларимиз ва мураббийлар штаби иштирок этди.

Тадбир аввалида федерация Бош котиби Азизжон Собиров 2023 йил амалга оширилган ишлар бўйича тақдимот ўтказди. Унга кўра, спортчиларимиз йил давомида ўтган турли ёш тоифаларидаги халқаро мусобақаларда жами 99 та олтин, 72 та кумуш ва 149 та бронза медалларини қўлга киритишган. Шунингдек, мутахассис дзюдо мактабларининг фаолияти, юртимиз бўйлаб ушбу спорт оммавийлигини ошириш бўйича қилинаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

Ўз ўрнида, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов давлатимиз атлетларимизни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашда давом этишини, бунга жавобан дзюдочиларимиздан янада юқори натижалар кутилишини таъкидлади. Шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасини “Миллий спорт мукофоти-2023” тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши терма жамоаси” номинацияда ғолиб чиққани билан қутлади.

Анжуман давомида Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов 2023 йил ўзбек дзюдоси учун муваффақиятли ўтгани, хусусан, биринчи бор жаҳон чемпионатида 4 та медаль қўлга киритилгани, Осиё ўйинларида илк бора 3 та олтин медаль жамғарилгани, спортчиларимизнинг 12 йиллик танаффусдан кейин “Мастерс” турнирида олтин медалга эга чиқишгани, пойтахтимизда “Катта дубулға” турнири, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги ва қитъа биринчилиги юқори савияда ўтказилганини ёд олди. Шунингдек, А.Камилов давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан 2024 йил бундан ҳам катта ютуқларга эришишни мақсад қилинганини билдирди.

Тадбир давомида мутахассислар янги очиладиган дзюдо академияси, Париж-2024 цикли давомида терма жамоамиз қатнашиши кутилаётган мусобақалар, Олимпиада режалари ва бошқа кўплаб мавзуларда журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Якунда федерация кесимида энг яхшилар тақдирланишди. Унга кўра, жаҳон чемпионатининг бронза, Осиё ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари соҳиби Муроджон Йўлдошев, шунингдек, жаҳон чемпионатининг кумуш, Осиё ўйинларининг олтин ва кумуш медаллари эгаси Диёра Келдиёрова мос равишда энг яхши эркак ва аёл спортчилар сифатида эътироф этилди. Шунингдек, бошқа бир қатор йўналишларда ҳам мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Text to speech