Юртимизда илк бор боғча ёшидаги болалар ўртасида велопойга ташкил этилди
Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ташаббуси билан Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ўтказилган мазкур велопойгада 65 нафар ўғил-қиз ўзаро беллашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Ўзбекистон Велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси ҳамда соғлом, етук инсонлар бўлиб етишиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тағриб қилишда, фарзандларимизни болалигиданоқ спортга ошно қилиб улғайтиришда бу каби тадбирлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Дарқаҳиқат, экология, болалар ва ёшларни спортга жалб қилиш, аҳоли ўртасида спортни оммалаштириш – Ҳукуматимизнинг диққат марказидаги масалалардандир.
“Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Туризм ва спорт вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари спорт билан шуғулланиши учун уларни замонавий беговеллар (болалар учун педалсиз велосипедлар) билан таъминлаш, “Ўзбекистонда биринчи болалар веломарафони”ни ўтказиш бўйича меморандум имзоланган эди. Ушбу битим доирасида 2021 йилдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасаларини босқичма-босқич беговеллар билан таъминлаш кўзда тутилган”, – дейди Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев.
Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳридаги 13 та мактабгача таълим муассасасига дастлабки 400 та беговел топширилган эди. Тадбирда мазкур таълим муассаси тарбияланувчилари ҳам иштирок этишди. Юқорида келтирилган Меморандумга кўра, эндиликда боғча болалари ўртасида ҳам мунтазам беллашувлар ташкил этилади.
Мактабгача таълим ёшидаги болалар ўртасида “Келажакка яшил қадам” шиори остида ўтказилган мазкур мусобақа иштирокчилар қалбида узоқ вақт сақланиб қолади.
Тадбир сўнгида болажонларга эсдалик медаллари, совғалар топширилди ҳамда улар учун кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.