Ўзбекистон МОҚ Осиё ўйинларини ёритиш бўйича ўз тажрибаси билан Лозаннада ўртоқлашди
Швейцариянинг Лозанна шаҳрида “Рақамли алоқа ва ижтимоий тармоқлар” мавзусида 3-минтақавий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда 15 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этишди. Қайд этиш жоиз, унда қатнашиш учун Ўзбекистон МОҚ вакиллари ҳам таклиф этилди.
Тадбир Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА) ва Олимпия бирдамлиги лойиҳаси асосида ташкил қилиниб, МОҚА бош офисида ўтказилди. Семинарда ижтимоий тармоқнинг бугунги кунда тутган ўрни, уни юритишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласини жорий этиш каби мавзулар муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон МОҚ номидан қатнашган Халқаро алоқалар департамети етакчи мутахассиси Ҳумоюн Ибрагимов “Ўзбекистон делегациясининг Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларидаги иштирокини ёритиш” мавзусида тақдимот қилди. Аҳамиятлиси, мазкур йўналишдаги тажриба билан ўртоқлашиш учун Осиё минтақасидан фақатгина Ўзбекистон ва Иордания вакиллари таклиф этилган.
Милан-Кортина-2026 қишки Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитасининг маркетинг ва медиа соҳасидаги позицияси мавзусида қилинган тақдимот кўпчиликнинг эътиборида бўлди. Тадбир давомида мутахассислар ўз тажрибалари билан баҳам кўриб, малакаларини янада оширишди.