Дунёни лол қолдирган йирик спорт тадбирлари ташкилотчилари “Тошкент-2025” лойиҳаларига жалб этилмоқда
Шу кунларда Гэвин Фенг бошчилигидаги Хитойнинг “Zhejiang Dafeng Industry Co.,Ltd” компаниясининг раҳбарияти пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди. Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида ташкилот мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни вазир Адҳам Икрамов кутиб олди. Шунингдек, учрашувда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этди.
Ушбу ташкилот узоқ йиллардан бери маданият, спорт ва туризм соҳаларида фаолият олиб боради. Унинг асосий йўналиши йирик тадбирларнинг бадиий қисмларини ташкиллаштириш, сценарийсини ишлаб чиқиш ва объектларни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ҳисобланади. Хусусан, Пекин-2022 қишки Олимпия ва Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинлари, шунингдек, бошқа кўплаб йирик спорт тадбирларининг тантанали очилиш ҳамда ёпилиш маросимлари “Zhejiang Dafeng Industry Co.,Ltd” томонидан саҳналаштирилган.
Самимий руҳда ўтган учрашув давомида Хитой томони “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари, мусобақалар ўтказиладиган объектларни замонавий технологиялар билан жиҳозлаш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Ўз навбатида, Адҳам Икрамов тантанали маросимлар миллатимиз тарихи, бой маданий мероси, узоқ асрларга бориб тақаладиган давлатчилиги ва ёрқин келажагини ифодалаб бериши, шунингдек, барча мухлисларга кўтаринки кайфият улашиши муҳимлигини билдирди.
Куннинг иккинчи ярмида учрашувнинг мантиқий давоми Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси биносида ўтди. Унда МОҚ ва “Zhejiang Dafeng Industry Co.,Ltd” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбир якунида Хитой компанияси томонидан билдирилган таклифлар яхшилаб ўрганиб чиқилиши ва ҳар иккала томонни қаноатлантирадиган тақдирда ҳамкорликнинг келгуси қадамлари бўйича келишиб олинди.