MОҚ велосипед спорти оиласини Бутунжаҳон велосипед куни билан қутлайди
2018 йил апрель. БМТ навбатдаги Бош Ассамблеясида бир қатор масалаларни кўриб чиқар экан, инсон саломатлигини яхшилаш, дунё аҳолисининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида қатор лойиҳалар устида изланиб, улар орасида энг мақбули – велосипед тарғиботини маъқуллади. Шунда 3 июнь – Бутунжаҳон велосипед куни деб эълон қилинди ва бутун дунё бўйлаб бу сана катта байрам сифатида нишонлаб келинмоқда.
Ўзбекистонда ҳам велосипед спорти истиқболи йилдан йилга юқори босқичга чиқиб бормоқда. Буни 2019 йил Тошкентда Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи велошоссе бўйича Осиё чемпионатининг ўтказилгани, унда 2 нафар спортчимиз Муроджон Холмуродов ва Ольга Забелинская Токио Олимпиадасига йўлланма олгани каби мисоллар билан ифодалаш айни муддао. Ўзбекистонда ушбу спорт турининг порлоқ келажагини кўриш мумкин. Зеро, ҳукуматимиз, шунингдек, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева бошчилигида каттадан катта дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўз олдига улкан мақсадлар қўйган Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси қошида илк бор профессионал клуб ташкил этилмоқда. Жиззах вилоятида эса янги ВМХ трассаси фойдаланишга топширилиш арафасида турибди. Шубҳасиз, бундай янгиликлар ушбу спорт ривожининг юртимизда янги босқичга чиқишида катта роль ўйнайди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси ва ушбу спорт оиласини бугунги байрам билан самимий қутлаб қолади.