Ру En O'z
3 Июнь 2021 2431

Янги Ўзбекистон ёшлари Москвада “Ёш Олимпиячилар халқаро форуми”да қатнашишди

Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “Ёш Олимпиячилар халқаро форуми” бўлиб ўтди. Россия Олимпия қўмитасининг таклифига биноан унда мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этишди.

14-17 ёшли бўлажак Олимпиячилар иштирокида кечган мазкур тадбирда бир қатор мамлакатлардан делегациялар ташриф буюрди. Қайд этиш жоиз, унда мамлакатимиз номидан ёш атлетларимиз Ясмина Раҳимова (бадиий гимнастика), Айнура Умурзоқова (таэквондо WT), Мейирхан Тимуров (қиличбозлик), Данил Тихонов (академик эшкак эшиш) қатнашишди. Уларга Ўзбекистон МОҚ Халқаро алоқалар департаменти етакчи мутахассиси Татьяна Чижикова ҳамроҳлик қилди.

Тадбирни Россия Олимпия қўмитаси президенти Станислав Поздняков очиб берди ва уни ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бахнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати эшиттирилди.

Форум давомида ёш атлетларга профессионализмни сингдириш, допинг ва унинг оқибатлари каби мавзуларда бир қатор семинарлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.

Text to speech