Содиқова ҳамда Собиржонова финал босқичига йўл олишди
Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Уси “Катта дубулға” турнирида бугунги иштирокини якунлади. Аҳамиятлиси, унда баҳс олиб борган ҳар икки спортчимиз ҳам финал босқичида қатнашадиган бўлди.
-67 кг вазн тоифасида даянга кўтарилган Феруза Содиқова ва Озода Собиржонова дастлабки босқични муваффақиятли якунлашди. Қуръа уларни иккинчи даврада ўзаро тўқнаш қилди. Мураббийлар штаби бу вазиятда Собиржонованинг жангсиз чорак финалга ўтишини маъқуллашди. Боиси, мусобақадан аввал ташкилий қўмита томонидан жаҳон рейтингидаги юқори ўрни сабаб Феруза Содиқова ҳамда Никита Рафалович финал босқичига таклиф этилган.
Хабар қилганимиздек, саралаш турнирида ўз вазн тоифаларида чорак финалгача етиб борган спортчилар ҳал қилувчи босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлишади. Шу тариқа, чорак финалгача етиб борган Озода Собиржонова, шунингдек, юқори рейтингга эга Феруза Содиқова ҳам финал турнирида қатнашади. Эртага қолган вазн тоифаларидаги саралаш баҳслари давом этади.