10 Декабрь 2023
870
Тоғ чанғичиларимиз Европа турнирларида иштирок этишмоқда
Тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Европа турнирларида ўз иштирокларини олиб боришмоқда. Айни пайтда Пхёнчхан-2018 ва Пекин-2022 қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси Комилжон Тўхтаев Италияда шуғулланмоқда. Ҳамюртимиз Кронплатс шаҳридаги шу номли клубда навбатдаги халқаро мусобақаларга ҳозирлик кўряпти.
Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Италиянинг Аллеге шаҳрида бўлиб туришибди. Андрей Воронов қўл остида шуғулланаётган 6 нафар спортчимиз ўз ёш тоифаларидаги мусобақаларда иштирок этишяпти. Аҳамиятлиси, уларнинг 3 нафари 2024 йилнинг январь ойида Корея Республикасининг Канвон шаҳрида ўтадиган ўсмирлар қишки Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақаларда ўз омадларини синаб кўришмоқда.