Ру En O'z
7 Декабрь 2023 904

Томас Бах бошчилигида 12-Олимпия саммити ўтказилди

Швейцариянинг Лозанна шаҳрида 12-Олимпия саммити бўлиб ўтди. Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан ўтказилган мазкур тадбирни ташкилот президенти Томас Бах олиб борди. Унда дунё бўйлаб Олимпизм ҳаракатини янада ривожлантиришга оид қатор масалалар кўриб чиқилди.

Саммитда Олимпия ҳаракатининг етакчи вакиллари бевосита Лозаннадан иштирок этишган бўлса, Миллий Олимпия қўмиталари онлайн форматда қатнашишди. Хусусан, мамлакатимиз номидан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этди.

Даставвал, Бирлашган Миллатлар ташкилоти резолюциясида илгари сурилган “Тинч ва гўзал дунёни спорт ҳамда Олимпизм ғоялари орқали қурамиз” лойиҳаси муҳокама қилинди. Якунда 118 мамлакат ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. 2 мамлакат бетарафлигини билдирган бўлса, яна 1 давлат қарши чиқди.

Саммитда яқинлашиб келаётган Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Қатнашчилар бўлажак тадбир Олимпия ўйинлари тарихида туб бурилиш ясаши ҳақида гапиришди. Зеро, унда максимал даражада гендер тенглигига эътибор қаратилиши барча инсонларнинг тенг ҳуқуқли эканини ифодалайди. Халқаро мусобақаларда нейтрал мақомда қатнашаётган спортчиларнинг унда иштирок этиши бўйича талаблар билдирилди.

Йиғилиш давомида Милан-Кортина-2026 қишки Олимпия ўйинларига тайёргарлик, анти-допинг, сиёсатдан ҳоли спорт, рақамли алоқа, Киберспорт Олимпия ўйинлари лойиҳасини ўрганиб чиқиш каби мавзулар бўйича фикр алмашилди.

Text to speech