Ру En O'z
2 Июнь 2021 2425

Президент табриги, яқинлар қувончи ёхуд бугунги кун қаҳрамонлари тантанали кутиб олинди

Хабарингиз бор, 24-31 май кунлари БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 7 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза, жами 18 та медаль қўлга киритишди. Бугун Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган боксчиларимиз Тошкентга қайтиб келишди.

Тошкент Халқаро аэропортида ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги мутасаддилари, спортчиларимизнинг ота-оналари ва яқинлари, ОАВ ходимлари ва кенг спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этишди.

Делегациямизни Азиз Абдуҳакимов қарши олди ва музаффар боксчиларимизни қўлга киритилган ғалабалар билан қутлади.

Шундан сўнг мутасаддилар, делегациямиз ва боксчиларимизнинг яқинлари аэропортдан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томон йўл олишди.

Тадбир аввалида бугунги кун қаҳрамонлари яна бир бор эътироф этилиб, уларнинг ғалабалари ёд олинди. Шундан сўнг Азиз Абдуҳакимов барчага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг боксчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Табрикнинг асл нусхаси Ўзбекистон бокс федерациясига топширилди. Уни федерация бош котиби Мурод Мамадалиев қабул қилиб олди.

Президентимиз томонидан йўлланган табрик терма жамоамизни янада руҳлантирди. Шундан сўнг ушбу қитъа биринчилигида чемпионликни қўлга киритган Баҳодир Жалолов, Ситора Турдибекова, терма жамоа катта мураббийи Раҳматжон Рўзиоҳунов сўз олиб, юртбошимизнинг эътиборидан мамнун эканликлари, келажакда бундай ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратларини ишга солишларини таъкидлаб ўтишди. Боксчиларимизнинг ота-оналари номидан Сабохат Жалолова ҳамда Юсупбек Рўзметов ҳам сўзга чиқиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашишди.

Тадбир якунида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов фахрийлар номидан ушбу тадбир учун ўзига хос мантиқий якун ясаб берди.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги Осиё чемпионатида делегациямиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, эркаклар жамоамиз қитъада кетма-кет учинчи бор тенгсиз эканликларини исботлади.

Text to speech