Ру En O'z
3 Декабрь 2023 1722

Ажойиб янгилик: Шоҳруҳ Давлатов марафон дастурида Париж-2024 йўлланмасига эга бўлди

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, ярим марафон бўйича миллий рекорд соҳиби Шоҳруҳ Давлатов марафон дастурида (42 км, 195 метр) Париж-2024 Олимпиада нормативини бажаришга муваффақ бўлди. Ҳамюртимиз Испанияда ўтган нуфузли “Valencia Marathon Trinidad Alfonso” мусобақасидаги натижаси орқали 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Давлатов мазкур турнирда 2:07:02 (2 соат, 7 дақиқа, 2 сония) натижа қайд этди. Бу Париж-2024 Олимпиадаси учун қўйилган талабдан 1 дақиқа, 8 сония яхшироқ натижа. Шунингдек, Шоҳруҳ ушбу кўрсаткич билан 38 йил аввал ўрнатилган миллий рекордни (2:13:28) ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Валенсиядаги нуфузли мусобақада Давлатов умумий ҳисобда 19-ўринни эгаллаган.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, сурхондарёлик атлетимиз ушбу натижага эришиш учун сўнгги икки йил ичида бир неча ой дунёнинг энг кучли марафончилари етишиб чиққан Кенияда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди. Бу Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 Олимпиадасига қўлга киритган 15-йўлланмаси.

Text to speech