Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасига
Мард ва жасур фарзандларим, юртимиз қаҳрамонлари!
Сиз, азизлар шу йил 24-31 май кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, азму шижоатли ўзбек фарзандлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор яққол намоён этдингиз.
Сизларнинг мана шундай ёрқин ғалабангиз ва унинг омиллари ҳақида сўз юритар эканмиз, мамлакатимизда кейинги йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Ана шундай юксак эътибор туфайли ёшларимиз ўртасида спортнинг бошқа турлари қатори боксга бўлган меҳр ва қизиқиш ҳам тобора ортиб бормоқда.
Ҳеч шубҳасиз, бу борада ўзининг шонли анъаналарига эга бўлган ўзбек бокс мактабининг сиздек муносиб вакилларининг жаҳон майдонларида эришаётган улкан ютуқлари ҳам беқиёс роль ўйнамоқда.
Бундан беш йил олдин айнан сизларнинг юксак маҳорат ва матонатингиз билан Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон чарм қўлқоп усталари жаҳоннинг энг қудратли ва етакчи бокс жамоалари қаторига кўтарилгани барчамизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Сизлар кейинги йилларда ана шу ютуқларни янада мустаҳкамлаб, 3 та Осиё биринчилиги, Осиё ўйинлари ва 2019 йили Россиянинг Екатеренбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида барча рақибларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритганингиз таҳсинга сазовордир.
Ўзбек боксининг шуҳратини келгусида жаҳон миқёсида кенг тараннум этиш, ушбу спорт турини ёшларимиз ўртасида янада оммалаштириш мақсадида яқинда махсус қарор қабул қилганимиз сизларга яхши маълум, албатта.
Мазкур ҳужжатда қарийб бир асрлик бой тарих ва анъаналарга эга бўлган ўзбек бокс мактабини янада ривожлантириш, унинг жаҳон спортидаги етакчилик мавқеини мустаҳкамлаш, ёшларимиз ўртасидан янги Осиё, жаҳон ва Олимпия чемпионлари етишиб чиқишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланганини айтиб ўтишни истардим.
Шу ўринда мамлакатимизда хотин-қизлар спорти, хусусан, аёллар бокси ҳам изчил ривожланиб бораётганини қайд этиш лозим. Сизлар ғолибликни қўлга киритган Осиё чемпионатида Тўмарис ва Барчинойдек ботир ва довюрак момоларимизнинг муносиб давомчилари бўлган жасур қизларимиз ҳам фаол иштирок этиб, 1 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳаммамизни қувонтиради.
Бу ҳақда гапирганда, яқинда ёшлар ўртасида бўлиб ўтган дунё биринчилигида ўзбек қизи Нигина Ўктамова миллий тарихимизда биринчи марта хотин-қизлар орасида “жаҳон чемпиони” деган юксак шарафга муяссар бўлганини фахр билан тилга оламиз.
Ишонаманки, бу ҳали бошланиши. Келгусида қизларимиз бундан ҳам юксак ғалабалари билан жаҳон бокс оламини ҳайратга солади, албатта.
Азиз ғолиб ва музаффар фарзандларим!
Сизларнинг Осиё чемпионатида эришган улкан ютуғингиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига муносиб совға бўлди.
Сизлар ушбу ғалабангиз билан халқимизга янада кўтаринки кайфият, катта ва қувонч олиб келдингиз.
Бундай муваффақиятлар замирида тажрибали мураббийлар ва федерация ходимларининг кечаю кундуз қилаётган тинимсиз меҳнати, фахрийларимизнинг йиллар давомида тўплаган буюк ва бебаҳо мероси, халқимиз ва ҳурматли ота-оналарингизнинг дуолари мужассам, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Яқинда Токио шаҳрида бошланадиган Олимпия ўйинларида ҳам сизларга мана шундай улкан зафар ва омадлар ёр бўлсин!
Жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз байроғини янада баланд кўтариб, унинг шон-шуҳратини оширишда барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат ва янги-янги ғалабалар тилайман.
Ёрқин ва улкан ютуғингиз муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти