Ру En O'z
29 Ноябрь 2023 1162

Олимпия шаҳарчасидан келажакда оқилона фойдаланиш масаласи кўриб чиқилди

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Республика олий спорт маҳорат мактаблари, федерация ва ассоциациялар мутасаддилари билан “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун қурилаётган объектлар ва улардан келажакда самарали фойдаланиш бўйича қатор лойиҳаларни кўриб чиқаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Бугун мутасаддилар Олимпия шаҳарчасининг ўзига ташриф буюриб, лойиҳанинг якуний ҳолатини муҳокама қилишди.

Мазкур учрашувда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов, федерациялар масъуллари иштирок этишди.

Адҳам Илҳамович қурилиш жараёни ҳақида тўхталар экан, шаҳарчада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида яна бир бор батафсил маълумот берди. Шундан сўнг кун тартибининг асосий мавзусига ўтилди. Унда вазир давлатимиз раҳбари томонидан Олимпия шаҳарчасининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, уни илмий-амалий машғулотлар марказига айлантириш борасида берилган топшириқлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шаҳарча ҳамюртларимиз учун замоанвий спорт диснейлендига айлантирилиши кўзда тутилган. Ойбек Касимовнинг таъкидлашича, шаҳарча ўзбек спортининг ривожини янги босқичга олиб чиқишда ягона кластер бўлиб хизмат қилади.

Учрашув давомида Ўйинлардан сўнг ушбу шаҳарчага жойлашадиган олий спорт маҳорати мактаблари ва федерацияларнинг жой тақсимоти, терма жамоалар учун ажратиладиган машғулот залларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди. Тадбир якунида мутасаддилар қурилиш олиб борилаётган ҳудудларда ҳам бўлиб, жараён билан яқиндан танишишди. Шунингдек, ҳар ҳафта федерация масъуллари билан жараённи мунтазам кўздан кечириб бориш бўйича келишиб олинди.

Text to speech