Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона алоқалар янги босқичга чиқмоқда
Айни кунларда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида II Саудия ўйинлари бўлиб ўтмоқда. 27 ноябрь куни мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда фаҳрий меҳмон сифатида таклиф этилган Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этишди.
Отабек Муҳаммадалиевични Саудия Арабистони шаҳзодаси Фахад бин Мансур Ал Сауд кутиб олди. Шундан сўнг Ўзбекистон делегациясини Қироллик оиласининг яна бир вакили, мамлакат Спорт вазири, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раиси шаҳзода Абдулазиз бин Туркий Ал Файсал Саудия ўйинларининг очилиш маросимига таклиф қилди.
Ташриф давомида шаҳзода Абдулазиз билан минтақада Олимпия ҳаракатини ривожлантириш ва давлатлар ўртасида спорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида учрашув ташкил этилди. Самимий руҳда ўтган суҳбатда бир қатор истиқболли масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, йирик спорт мусобақаларига тайёргарлик доирасида терма жамоалар иштирокида ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, спорт соҳасидаги сўнгги ютуқларни баҳам кўриш борасида фикр алмашилди.
Ар-Риёдда бир вақтнинг ўзида Ислом бирдамлиги спорт ташкилотининг Конгресси ҳам ўтказилмоқда. Расмийлар мазкур тадбирда ҳам иштирок этиб, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида келишувга эришишмоқда.
Ташкилий қўмита аъзолари расмий меҳмонлар учун Саудия Арабистонида спортни ривожлантириш борасидаги “Vision-2030” стратегиясини тақдим қилишди. Унда Саудия Арабистонининг 2034 йил футбол бўйича жаҳон чемпионати, ёзги Осиё ўйинлари каби йирик мусобақаларга тайёргарлик режаси ҳақида турли тақдимотлар ўтказилди. Расмийлар "Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари"га тайёргарлик доирасида Саудия Арабистони билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқишди.