Ру En O'z
23 Ноябрь 2023 895

Мамлакатимизда қишки спорт турларини ривожлантириш босқичлари хорижий экспертлар билан муҳокама қилинди

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов қишки спорт турининг акробатика йўналиши бўйича Лиллехаммер-1994 Олимпиадаси чемпиони Лина Черязовага мураббийлик қилган мутахассис Дмитрий Кавунов билан учрашди. Суҳбатнинг бош мавзуси юртимизда қишки спорт турлари, хусусан, фристайл йўналишларини қайта ривожлантириш масаласи бўлди. Унда Россия фристайл федерацияси вице-президенти Михаил Бородянский ҳамда Халқаро чанғи спорти турлари федерациясининг эксперти Андреа Ринальди ҳам иштирок этди.

Д.Кавунов фаолияти давомида Россия ва Канада терма жамоаларида ҳам мураббийлик қилди. Бугунги суҳбат давомида мутахассиснинг тажрибасидан фойдаланган ҳолда мамлакатимизда фристайл турларини ривожлантириш бўйича дастлабки режалар муҳокама қилинди. Дмитрий Ефимович аввало, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларнинг шуғулланишлари учун шароит яратиш муҳимлигини таъкидлади.

МОҚ раиси ўринбосари давлатимизда қишки спорт турлари ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги режалар, “Ҳумо арена” ва “Алпомиш” муз саройларини қуриш орқали даставвал оммавий спорт тарғиботи кучайтирилаётгани ҳақида гапириб берди. Суҳбат давомида фристайлнинг нафақат акробатика, балки могул йўналишини ривожлантириш, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Text to speech