Ру En O'z
21 Ноябрь 2023 1323

“Тошкент-2025”: Қурилаётган объектларнинг федерациялар кесимида тақсимланиши муҳокама қилинмоқда

2025 йил пойтахтимизда ўтадиган IV ёшлар Осиё ва V Пара Осиё ўйинлари учун қурилаётган иншоотлардан мусобақа давомида ва ундан кейин самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ушбу мавзуга бағишланган йиғилишлар ўтказилмоқда.

Куннинг биринчи ярмида шаҳарчанинг бош стадиони, шунингдек, жамоавий спорт турлари учун қуриладиган объектларнинг лойиҳалари кўриб чиқилди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Эргашев, футбол, енгил атлетика, гандбол ва волейбол федерацияларининг масъуллари иштирок этишди.

Шаҳарча кейинчалик ўзбек спортининг истиқболи йўлида ягона кластер сифатида хизмат қилади. Шу боис ундаги ҳар бир бинодан унумли фойдаланиш талаб этилади. Адҳам Илҳамович биноларнинг ички жойлашуви, лойиҳаси, жиҳозланишини батафсил ўрганиб, фойдаланувчиларга янада қулай шароитларни яратиб бериш борасида кўрсатмаларини берди.

Вазир ҳар бир бино халқаро талаблар асосида қурилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Улардаги ҳакамлар, ОАВ, техник ходимлар, жамоалар учун ажратиладиган бўлимлар ҳам жаҳон стандартларига мос келиши кераклигини қўшимча қилди.

Text to speech