Ру En O'z
1 Июнь 2021 2272

Ханчжоу-2022, Париж-2024: Велоспортчиларимизни хорижлик тажрибали мураббий тайёрлаши кутилмоқда

Бугун МОҚда велоспорт бўйича терма жамоамизга жалб этилиши кутилаётган хорижлик тажрибали мураббий Глеб Гройсман билан Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари муҳокама қилинди. Унда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев ҳам иштирок этишди.

Суҳбат давомида терма жамоамиз билан шартнома имзолаши кутилаётган хорижлик мутахассис билан режалар атрофлича муҳокама қилинди. Глеб Гройсман бир ой аввал Тошкентга етиб келган ва терма жамоамизнинг 1 ойлик йиғинини таҳлил қилиб чиқди. Мулоқот давомида мутахассис ёш спортчиларимизнинг қобилиятига юқори баҳо берди.

Таъкидлаш жоиз, бу борада терма жамоамиз вакилларидан тузиладиган профессионал клуб фаолияти катта аҳамиятга эга. Жамоа узлуксиз йиғин ва мусобақалар орқали мазкур комплекс мусобақаларга ҳозирлик кўради. Бу орқали Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланмаларни янада кўпайтириш кўзланган.

Суҳбат давомида Ольга Забелинская ҳамда Муроджон Холмуродовни Токио-2020 Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўз навбатида, МОҚ раҳбарияти Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда федерацияларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.

Text to speech