Ру En O'z
21 Ноябрь 2023 1182

Олимпия шаҳарчасининг қурилиши бўйича Президент топшириқларининг ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди

18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишгани ҳақида маълум қилган эдик. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ушбу ўрганиш ишлари якунида берилган топшириқлар ва уларнинг ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Учрашувни Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов олиб борди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Сакен Полатов, Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими Рашид Талипов иштирок этишди.

Суҳбатнинг асосий мавзуси “Тошкент-2025” IV ёшлар Осиё ва V Пара Осиё ўйинларига тайёргарлик, унга киритиладиган спорт турлари, мусобақа саналари ва меҳмонларга яратиладиган қулайликларни яхшилаш бўлди. Вазир давлатимиз раҳбари томонидан иш самарадорлигини янада ошириш бўйича берган топшириқлари хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Олимпия шаҳарчаси энг замонавий инвентарлар билан жиҳозланади. Мусобақа ўтганидан сўнг эса объектлар мамлакатимиз спортини янги босқичга олиб чиқиш йўлида хизмат қилади. Бунда Олимпия шаҳарчаси терма жамоаларимизнинг йирик мусобақаларга ҳозирлик кўриши учун ягона кластер ва илмий-амалий машғулотлар марказига айланади.

Шунингдек, шаҳарча ичида барча қулайликларга эга кўнгилочар спорт майдончалари ҳам бўлади. Асосийси, Осиё ўйинларидан сўнг объектлар терма жамоалар учун асосий тайёргарлик базаси вазифасини бажаради. Вазир Президентнинг Венгрия, Хитой, Беларусь каби мамлакатлардан халқаро экспертларни жалб қилиш борасида берган топшириқларини етказди.

Йиғилиш давомида мусобақа рамзларини тасдиқлаш, беллашувлар ўтадиган саналарни шакллантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Мусобақа дастуридан ўрин оладиган спорт турлари таркиби ҳам якуний ҳолатда бўлиб, лойиҳа келишиш учун Осиё Олимпия кенгашига юборишга тайёрланмоқда.

Суҳбат якунида спортчиларимизнинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарликлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. А.Икрамов ҳукуматимиз тайёргарлик режасини тўлалигича қўллаб-қувватлаётгани, бунга жавобан терма жамоаларимиздан кўпроқ йўлланмалар қўлга киритиш кутилаётганини қўшимча қилди.

Text to speech