Мексикада Халқаро от спорти федерациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилмоқда
Айни кунларда Мексикада Халқаро йилқичилик ва от спорти федерациясининг Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унда ташкилот президенти Ингмар Де Вос, шунингдек, минтақавий конфедерациялар ва миллий федерациялар раҳбарлари, Ижроия қўмита аъзолари иштирок этяпти. Мамлакатимиз номидан эса Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев қатнашмоқда.
Бош Ассамблеянинг дастлабки кунида ортда қолган йирик спорт тадбирларининг сарҳисоби кўриб чиқилди. Унда Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган Осиё ўйинлари доирасидаги от спорти беллашувларининг юқори савияда ўтказилгани алоҳида тилга олинди. Шундан сўнг халқаро федерация тизимида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари, қолаверса, 2026 йил Германиянинг Аaхен шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионати ва бошқа нуфузли мусобақаларга тайёргарлик, регламент ва қоидаларга киритиладиган ўзгаришлар хусусида фикр алмашилмоқда.
Халқаро ташкилот томонидан 2024-2027 йиллар учун этика ва отларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи комиссия ташкил этилгани алоҳида муҳокама қилинмоқда. Қолаверса, Бош Ассамблея “А” тоифаси учун сакраш қоидаларига киритиладиган ўзгаришлар, балларни ҳисоблаш тизими, мукофот жамғармасига қўйиладиган талаблар каби мавзуларни қамраб олди.