Ру En O'z
20 Ноябрь 2023 1049

Ҳафта қиличбозларимиз учун омадли ўтди

Дам олиш кунлари дунёнинг бир қатор шаҳарларида қиличбозликнинг барча йўналишларида ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги босқичидан ўрин олган беллашувлар ўтказилди. Аҳамиятлиси, унда иштирок этган ҳамюртларимиз совринли ўринларни эгаллашди.

Хабар берганимиздек, 18-19 ноябрь кунлари Тошкент сабля бўйича қизлар ўртасидаги баҳсларга мезбонлик қилиб, унда юртдошларимиз ҳам яккалик, ҳам жамоавий дастурда олтин медалларни қўлга киритишди. Ёш қиличбозларимизнинг бошқа мамлакатлардаги иштироки ҳам муваффақиятли бўлди.

Тунис шаҳри сабля бўйича йигитлар ўртасидаги баҳсларни ўзида қабул қилди. Унда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Зуҳриддин Қодиров яккалик дастурида кумуш медалга сазовор бўлди. Зуҳриддин, шунингдек, жамоавий дастурда Исломбек Абдазов, Муса Аймуратов, Азизбек Даулетназаров билан шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Перу мезбонлик қилган шпагачи қизлар баҳсида эса Шаҳзода Эгамбердиева, Дилназ Мурзатаева, Бибимарям Сапаровадан иборат трио жамоавий дастурда бронза медаллари билан тақдирланди.

Text to speech