Ру En O'z
15 Ноябрь 2023 1492

“Тошкент-2025”: Мусобақа дастуридан ўрин олиши кутилаётган спорт турлари муҳокама қилинди

“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари дастуридан ўрин оладиган спорт турларини шакллантириш якуний паллага кирди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида федерация ва ассоциациялар масъуллари билан ушбу мавзу юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов, Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов иштирок этишди.

Йиғилишни Ойбек Касимов олиб борди ва бўлажак ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари, уларнинг йўналишларини атрофлича таҳлил қилиш муҳимлигини таъкидлади. МОҚ Бош котиби федерациялар масъулларига ёшлар Осиё ўйинларида иштирок этадиган спортчиларнинг селекциясини кучайтириш ва уларни мусобақага пухта тайёрлаш бўйича тавсия берди.

Шунингдек, Олимпия шаҳарчасида олиб борилаётган қурилиш ишлари қай ҳолатидалиги бўйича ҳисобот тингланди. Кўзда тутилган спорт турлари қайси объектларда ўтказилиши, уларнинг муддатлари ҳам кўриб чиқилди. Йиғилиш сўнггида федерация масъулларидан 3 кун муддат ичида ёшлар Осиё ўйинлари дастурига киритиладиган йўналишлар бўйича якуний таклифларини беришлари сўралди.

Text to speech