Йигитларимиз Осиёда ким кучли эканини яна бир карра кўрсатиб қўйишди
БААда бокс бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етди. Маълум қилганимиздек, бугун эркаклар ўртасида финал жанглари ўтказилди.
10 вазн тоифасидан 7 тасида ҳамюртларимиз қитъа чемпионлиги учун баҳс олиб боришди. Уларнинг 6 нафари эса терма жамоамиз ҳисобига олтин медалларни тақдим қилди. Марказий жанг +91 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ва Камшибек Конкабаев ўртасида кечди. Жанг давомида тўлиқ устунлик қилган Жалолов якунда яна бир ғалабани тантана қилди. Батафсил:
-49 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов – Даниял Сабит (Қозоғистон) 5:0
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров – Амит (Ҳиндистон) 3:2
-56 кг: Миразизбек Мирзахалилов – Харку Энх-Амар (Мўғулистон) 2:3
-69 кг: Бобоусмон Батуров – Аблайхан Жусупов (Қозоғистон) 3:2
-75 кг: Саиджамшид Жаъфаров – Абилхан Аманкул (Қозоғистон) 4:1
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов – Мейсам Гешлаги (Эрон) 3:2
+91 кг: Баҳодир Жалолов – Камшибек Конкабаев (Қозоғистон) 5:0
Шу тариқа, боксчи йигитларимиз ўз йўналишларида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритишди. Эркаклар жамоамиз ушбу чемпионатни 6 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 10 та медаль билан якунлашди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси боксчиларимизни, уларнинг мураббийларини ва Ўзбекистон бокс федерациясини Осиё чемпионатидаги яна бир муваффақият билан самимий қутлаб қолади.