Навбатдаги “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланади
19 ноябрь куни Республикамизнинг 16 та шаҳрида давлатчилигимиз учун муҳим саналардан бири 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида ушбу тадбирга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов, Енгил атлетика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби директори Санатилла Ғуломназаров, ташкилий қўмита масъуллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Даставвал мусобақа ҳақида умумий маълумот бериб ўтилди.
Унга кўра, оммавий югуриш мусобақаси Республикамизнинг 15 та шаҳарда 3 км, пойтахтимизда эса 3 ва 10 км масофаларга ўтказилади. Умумий ҳисобда Тошкент шаҳрида ўтадиган тадбирда 6000 мингдан зиёд, Республика миқёсида эса 100 мингдан ортиқ спортсевар ҳамюртларимиз иштирок этиши кутилмоқда. Мутасаддиларнинг билдиришча, мусобақада қатнашиш учун қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан ҳам спортчилар таклиф этилган.
Қайд этиш жоиз, ушбу оммавий югуриш мусобақаси тарғиботини янада кучайтириш мақсадида Республикамизнинг бир қатор вилоятларида ҳам матбуот анжуманларини ташкил этиш кўзда тутилган. Анъанага мувофиқ, “Ҳумо арена” мажмуасининг олдидаги майдон Тошкентда ўтадиган пойганинг старт ва финиш нуқтаси сифатида белгиланди. Барча ҳудудлардаги беллашувларга 19 ноябрь куни соат 07:30 да старт берилади.