Ру En O'z
31 Май 2021 2220

Жаҳон чемпионати сари бир қадам

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича ўтказилган “Jumping CSIO1*-W World Cup Eurasian League” ва “FEI Jumping Nations Cup” мусобақалари терма жамоамиз учун тарихий натижалар билан ёдда қолди. Боиси ушбу мусобақада ҳамюртларимиз ҳам Гран-при, ҳам жамоавий йўналишда бош совринни қўлга киритишди.

Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларнинг сара чавандозлари иштирокидаги мазкур беллашувлар сўнгги кунида жамоавий йўналишда ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Қувонарлиси, унда ҳамюртларимиз биринчи ўринни қўлга киритишди. Таъкидлаш жоиз, Миллатлар кубогида жамоамиз ҳеч қачон кетма-кет икки бор, шунингдек, бир босқичда ҳам Гран-при, ҳам жамоавий йўналишда ғалабага эришмаган. Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкентда ўтказилган босқичда ҳам чавандозларимиз тенгсиз бўлишган эди.

Олдинда спортчиларимизни Россия ва Қозоғистонда ўтадиган босқичлар кутиб турибди. Ушбу босқичлардан бирида жамоамиз яна бир ғалабага эришадиган бўлса, Барселонада дунёнинг энг кучли 8 саккиз жамоаси иштирокида кечадиган жаҳон чемпионатига йўлланма олади.

Шубҳасиз, бундай ғалабалар ҳукуматимиз, шахсан юртбошимизнинг спортни ҳар томонлама ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборлари натижасидир. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон йилқичилик ва от спорт федерациясини қўлга киритилган навбатдаги муваффақият билан самимий табриклаб, жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳам қўлга киритишларини тилаб қолади.

Text to speech