Ру En O'z
11 Ноябрь 2023 3115

“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун қад ростлаётган Олимпия шаҳарчаси ОАВ нигоҳида

Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси томонидан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинлари учун қурилаётган Олимпия шаҳарчаси бўйлаб пресс-тур ташкил этилди. Тадбирда вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев, МОҚ раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, лойиҳага жалб қилинган хорижлик экспертлар, 40 нафарга яқин ОАВ ходимлари иштирок этишди.

2022 йил 9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур шаҳарча қурилишига тамал тошини қўйган эди. Бугунги тадбирда 1 йил ўтгандан сўнг шаҳарчадаги қурилиш ишлари, жараён қай ҳолатда экани хусусида батафсил маълумот берилди.

Шаҳарчанинг умумий майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футболга ихтисослашган стадион, 6 та ёпиқ ва 13 та очиқ иншоотлар барпо этилмоқда. Қайд этиш жоиз, мазкур лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг имкониятларини нафақат Осиё, балки бутун дунёга кўрсатиб беради. Қурилиш жараёни Хитойнинг “ CAMC Engineering” компанияси томонидан амалга оширилмоқда.

Расмийлар қурилиш ишлари давлатимиз раҳбари томонидан берилган кўрсатмалар асосида олиб борилаётганини таъкидлашди. Шаҳарча ичига қуёш панеллари ҳам ўрнатилиб, улар майдонни электр энергияси билан таъминлаш учун тўла қувватга эга бўлади. Шунингдек, электр автомобилларни қувватлаш учун ҳам бекатлар барпо этилади.

Пресс-тур давомида федерациялар мутасаддилари, хорижлик экспертлар қурилаётган объектлар замонавий қопламалар билан жиҳозланиши бўйича Марказий Осиёда ягона бўлиши, бундай лойиҳа қитъамизда ҳам саноқли мамлакатларда борлигига алоҳида урғу қаратишди. Тадбирда қатнашган расмийларлар билан шу ернинг ўзида алоҳида суҳбатлар ҳам ташкил этилди ва унда журналистлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Text to speech