Ўзбек спорти фахрийлари ўзлари учун Самарқандни янгидан кашф қилишди
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов бошчилигидаги 30 нафар спортимиз фидойилари учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил қилинди. Сафар давомида вилоятнинг тарихий ёдгорликлари бўйлаб саёҳат қилиш баробарида ёш авлод вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди.
Самарқанд Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтган учрашувда ушбу даргоҳда тарбия олаётган ёш атлетлар ҳамда уларнинг мураббийлари, узоқ йиллар вилоятда спорт ривожи йўлида хизмат қилган мутасаддилар иштирок этишди. Фахрийларимиз бугунги кунда ёшлар учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имконият ва шароитлар ҳақида гапиришар экан, бундан унумли фойдаланиш зарурлиги ҳақида маслаҳат беришди. Тадбир якунида самарқандлик бир гуруҳ фидойиларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди.
Сафар давомида фахрийларимиз Самарқанд шаҳрини ўзлари учун янгидан кашф қилишди. Кун сайин замонавий қиёфа очиб бораётган шаҳар бугунги кунда бутун дунёдан ташриф буюраётган сайёҳларнинг эътиборини тортмоқда. Ташриф давомида фахрийларимиз "Боқий шаҳар", Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов ёдгорлик мажмуаси, Самарқанд туризм маркази, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Ҳазрати ҳизр мажмуаси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Бибихоним масжиди, Регистон ансамбли каби тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳат қилишди.