Ру En O'z
6 Ноябрь 2023 1393

Халқаро яккакураш фестивали Россия ва Ўзбекистон спорт оиласини янада яқинлаштирмоқда

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Россиянинг Сочи шаҳрида ташкил этилган Халқаро яккакураш фестивалида иштирок этмоқда. Мазкур тадбир Россия бокс федерацияси ва Краснодар ўлкасининг бокс федерацияси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, лойиҳа Россия-Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқаларини спорт соҳасида янада мустаҳкамлашга бағишланган. Унинг доирасида ўзбек миллий кураши ва бокс бўйича ҳар икки мамлакатнинг таниқли спортчилари иштирокида беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Даставвал, рус-ўзбек халқи ўртасидаги дўстона муносабатнинг спорт соҳасида йўналишларини янги босқичга олиб чиқиш мавзусида алоҳида учрашув ўтказилди. Унда Россия-Ўзбекистон томонлари ҳамкорликнинг янги қирраларини муҳокама қилишди.

Мазкур учрашувда Россия Олимпия қўмитаси Бош котиби Родион Плитухин узоқ йиллардан бери ривожланиб бораётган илиқ ҳамкорликни келгусида ҳам давом эттиришдан мамнун эканини билдирди. Шунингдек, у спортнинг илм-фан ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида икки томон ўртасида имзоланган меморандум бугунги кунда профессионал атлетларни тайёрлашда муҳим ҳужжат бўлиб турганини таъкидлади. Ўз навбатида, Ойбек Касимов Ўзбекистон делегациясининг йирик спорт мусобақаларга ҳозирлик кўришида Россия каби улкан спорт державаси билан ҳамкорлик ас қотишини қўшимча қилди.

Дастурга мувофиқ, томонлар кураш бўйича халқаро мусобақанинг гувоҳи бўлишди. Қайд этиш жоиз, Россияда кураш бўйича халқаро мусобақа биринчи бор ташкил этилди. Унда 5 мамлакатдан ташриф буюрган полвонлар баҳс олиб боришди. Режага кўра, бугун бокс бўйича Рио-2016 Олимпиадаси чемпионлари Ҳасанбой Дўсматов ва Фазлиддин Ғоибназаров россиялик номдор рақибларига қарши рингга кўтарилишади.

Text to speech