Ру En O'z
31 Октябрь 2023 1773

Панамерика ўйинларида ғайритабиий ҳолат

Айни кунларда Чилининг Сантьяго шаҳрида Панамерика ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Енгил атлетика баҳсларининг аёллар ўртасида 20 кмга спортча юриш дастурида кутилмаган натижа юз берди. Гап шундаки, атлетлар босиб ўтган масофа аслидагидан тахминан 3 кмга кам бўлиб чиқди. Бунинг натижасида:

– Мусобақада ғалаба қозонган собиқ жаҳон чемпиони, перулик Кимберли Гарсия масофани 1 соат, 12 дақиқа, 26 сонияда босиб ўтди. Бу амалдаги жаҳон рекордидан 11 дақиқа яхшироқ натижа;

– Марра чизиғини кесиб ўтган 12 спортчи жаҳон рекордидан юқорироқ натижа қайд этган ва уларнинг барчаси Париж-2024 нормативини бажарган.

Спортчиларнинг ўзлари ҳам финишдан сўнг масофа қисқалигини ҳис қилишган ва бу бўйича эътироз билдиришган. Ташкилий қўмитанинг қарори янада ҳайратланарли бўлди. Унга кўра, барча атлетларнинг натижаси нолга тенглаштирилди. Бироқ тахминан 17 км масофага кечган пойгада марра чизиғини кесиб ўтган дастлабки уч спортчи Кимберли Гарсия (Перу), Гленда Морехон (Эквадор) ва Эвелин Инга (Перу) шоҳсупага кўтарилди ва уларга мос равишда олтин, кумуш ҳамда бронза медаллари тақдим қилинди.

Шундан сўнг эркаклар ўртасидаги пойга ҳақиқий 20 км масофага ўтказилди. Аёллар ўртасида юзага келган вазиятда ташкилий қўмита Панамерика енгил атлетика федерациясини айблади.

Text to speech