Слаломчиларимиз лицензион Осиё чемпионатида иштирок этишмоқда
Айни кунларда Япониянинг Токио шаҳрида слаломда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Мусобақа яккалик дастурларида Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланмалар тақдим қилиши билан янада аҳамиятли. Ҳозирга келиб, жамоавий дастурдаги баҳслар якунланди. Унда ҳам каноэ, ҳам байдарка дастурларида иштирок этган йигитларимиз кумуш медалларга эга чиқишди.
Бугун яккалик йўналишида саралаш беллашувлари якунланди. Унда қатнашаётган каноэчиларимиз Абубакр Буканов, Алибек Темиргалиев ҳамда Анвар Клевлеев, шунингдек, слаломчиларимиз Баркамол Мирзаҳамдамов, Жонибек Темиргалиев ва Шаҳобиддин Болтабоев юқори натижа қайд этиб, ярим финалчилар қаторидан жой олишди.
Энди улар эртага финал ва Олимпиада йўлланмаси учун курашни давом эттиришади. Қоидага кўра, фақатгина ўз йўналишида ғолиб бўлган спортчилар Париж-2024 йўлланмасига сазовор бўлишади.