Тошкентда ёш стол теннисчилар учун халқаро йиғин ўтказилмоқда
Айни кунларда “Central Asian University”да стол тенниси бўйича "2023 ITTF - Марказий Осиё умидлари ҳафталиги" бўлиб ўтмоқда. 30 октябрга қадар давом этадиган тадбирда Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва юртимизнинг 35 нафар 11 ёшли ўғил-қизлари қатнашмоқда.
Мазкур ҳафталик иқтидорли ёшларни саралаш, уларни ўз ёш тоифаларида ўтадиган Осиё ҳамда жаҳон чемпионатлари, бошқа йирик халқаро мусобақаларга тайёрлаш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади.
Халқаро стол тенниси федерацияси ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Ҳиндистон аёллар стол тенниси жамоаси бош мураббийи Прабху Мамата эксперт сифатида фаолият олиб бормоқда. Мутахассис ташкил этилган йиғин давомида ёш спортчиларнинг техникаларини кучайтириш, уларга ушбу спорт турининг ўзига хос қирраларини ўргатиш борасида ўз билимларини улашмоқда.
Режага мувофиқ, 25-28 октябрь кунлари ўқув-машғулот йиғини, 28-30 октябрда эса ўртоқлик мусобақаси ўтказилиб, ғолиб ва совриндорларга эсдалик совғалари тақдим этилади.