Шерзод Ташматов мураббийлар штаби билан Олимпиадага тайёргарлик режаларини муҳокама қилди
Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Олимпия ўйинларида 4 та спортчи билан иштирок этади. Демакки, мухлислар таэквондочиларимиздан ҳам юқори натижалар кутишади. МОҚ раисининг ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов Олимпия ўйинларига муносиб ҳозирлик кўриш мақсадида мураббийлар штаби билан тайёргарликнинг янги босқичини бошлади.
Ҳозирда ушбу спорт турида лицензион мусобақалар якунланиб, Токио-2020нинг барча иштирокчилари номи маълум бўлиб улгурган. Йиғилишда таэквондочиларимизнинг эҳтимолий рақиблари, уларнинг кучли ва заиф томонлари ҳақида фикрлар билдирилди. Қайд этиш жоиз, мазкур йиғилишга етарлича тайёргарлик кўрмаган мураббийлардан бирига жиддий эътироз билдирилиб, ушбу ҳол яна такрорлангудек бўлса, Олимпиадага тайёргарлик жараёнидан четлатилиши ҳақида огоҳлантирилди.
Яна бир неча кундан сўнг Ливанда катталар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Жамоамиз ушбу мусобақада тўлиқ таркибда иштирок этади. Бу эса лицензиатларимизнинг Олимпиададан олдинги ҳолатларини яна бир карра кўздан кечириб олиш имкониятини тақдим қилади.
Йиғилиш давомида мураббийлар штабига спортчиларнинг техник ва функционал ҳолатини кучайтириш, терма жамоа базасида эпидемиологик ҳолатни қаттиқ назоратда ушлаш, берилган вазифаларни ўз вақтида ва пухта бажариш бўйича кўрсатмалар берилди.