Ру En O'z
25 Октябрь 2023 910

Мидори Хонда: “Ўзбекистон терма жамоасини юқори даражага олиб чиқишда давом этамиз”

Маълум қилганимиздек, эртадан аёллар футболи бўйича Осиё қитъаси учун Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақанинг 2-саралаш босқичи старт олади. Бугун Тошкент шаҳрида ўтадиган “С” гуруҳи баҳслари олдидан жамоаларнинг бош мураббийлари ҳамда сардорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон номидан терма жамоа бош мураббийи Мидори Хонда ҳамда футболчи Людмила Карачик ўз фикрларини билдиришди.

М.Хонда: “Осиё ўйинларидан сўнг бир неча кун давомида йиғин ўтказдик. Япония ва Ветнам сингари кучли терма жамоаларга қарши баҳс олиб боришдан хурсандмиз. Сўнгги йилларда жамоамиз ўсишга эришди ва мухлисларимиздан бизни қўллаб-қувватлаб туришларини сўрайман. Ўзбекистон терма жамоасини юқори даражага олиб чиқишда давом этамиз”.

Л.Карачик: “Бизнинг асосий мақсадимиз Олимпиадага йўл олиш ва бунинг учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Мен ва барча жамоадошларим эртанги учрашувга тайёрмиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси “С” гуруҳида Япония, Вьетнам ва Ҳиндистонга қарши баҳс олиб боради.

Text to speech