Ру En O'z
30 Май 2021 2351

Токио-2020: Сабина Ташкенбаева бадиий гимнастикачиларимизнинг илк лицензиясига эгалик қилди

Италиянинг Песаро шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг тўртинчи босқичи якунланди. Ушбу босқичдан сўнг яккалик йўналишида яна 3 нафар Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўл олган гимнастикачилар номи эълон қилинди. Қувонарлиси, улар орасида ҳамюртимиз Сабина Ташкенбаева ҳам бор.

Барча босқичлар якуни бўйича Ташкенбаева 130 балл жамғаришга муваффақ бўлди. Бу лицензия учун курашаётган спортчилар орасида иккинчи кўрсаткич эди. Бу борада якуний жадвал қуйидагича кўриниш олди:

1. Екатерина Веденеева (Словения) – 145
2. Сабина Ташкенбаева (Ўзбекистон) – 130
3. Чисаки Оива (Япония) – 118

Бу бадиий гимнастика бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларига қўлга киритилган биринчи лицензия ҳисобланади. Олдинда гуруҳ машқи бўйича қизларимизни пойтахтимизда ўтадиган лицензион Осиё чемпионати кутиб турибди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан Сабина Ташкенбаева ва унинг яқинларини, Ўзбекистон гимнастика федерациясини табриклаб қолади.

Text to speech